Самарқанд вилояти Жомбой тумани
Мактабгача таълим бўлими

Cаид Аҳмад билан уч учрашув

Адиб, жамоат арбоби таваллудининг 100 йиллигига

25

Хотира ва қадрлаш байрами ўтаётган тароватли баҳорнинг қуёшли  кунларидан бирида муаззам Тошкентнинг қоқ марказида 8 гектарлик жаннатмонанд боғ яратилиб ишга туширилди. У Адиблар хиёбони, деб номланди. Ажойиб боғда миллатнинг фахри бўлган йигирмадан зиёд адабиёт намояндалари ҳайкалининг очилиши чинакам тарихий воқеага айланди. Сиз бу ерга қадам ранжида қилгудек бўлсангиз, Ўзбекистон маданияти тарихининг такрорланмас олтин саҳифалари кино лентасидай бир-бир ёдингизга келаверади.

Ўзбек элининг фахри-ифтихорига айланган адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ҳозир ҳаёт бўлганида, айни 10 июнь куни қутлуғ 100 ёшга тўлган бўларди. Албатта, бу кун ўзбек замонавий адабиёти учун ҳақиқий шодиёна. Қуйида адибнинг бир мухлис шогирди сифатида устоз ҳаётининг айрим қирраларини уч учрашув мисолида ёритишга ҳаракат қиламан.

Ардоқли адибимиз Саид Аҳмад билан биринчи учрашувим 1980 йилларнинг ўрталарида бўлиб ўтган эди. Ўшанда адибнинг роман, қисса, ҳикоялари аллақачон ўқувчиларнинг меҳрини қозонган, устоз машҳурлик пиллапоясининг юқори зинасига кўтарилган пайтлар эди. Биз, ёш шоир, танқидчи ва қаламкашлар эл орасида танилган ижодкор шахсларнинг атрофида гирдикапалак бўлиб юрардик. Хадранинг Навоий кўчасида жойлашган “Ноширлар уйи”да ўзбек адабиётининг яловбардорлари ва ўз ишининг усталари: Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Жамол Камол, Машраб Бобоев, Низом Комилов, Хайриддин Султонов, Носир Фозилов, Эркин Аъзам, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф ва бошқалар меҳнат қилишарди. Камина ҳам Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг “Наср таржимаси” таҳририятида муҳаррир бўлиб ишлардим. Шеърий, насрий ва таржима китобларнинг нишона нусхаси ва тақдимоти шундоққина пастда, Маҳмуд мўйловнинг чойхонасида (ҳозирги “Гўмма” ошхонаси) нишонланар эди. Қази қартасиз оддий дастурхон - палов, кабоб, сомса ҳамда лим тўла “аччиқ-чучук”дан иборат камтарона давранинг тўрида кўпинча Саид Аҳмад, Рауф Парфи каби идорамизда ишламайдиган таниқли ижодкорлар ўтиргувчи эди. Саид Аҳмад аканинг “ГАЗ-24” оқ волга машинасини кунда-шунда чойхона олдида кўрар эдик.

- Оковси, ўтир, ҳозир обрўйингни кўтариб бераман, - ҳазиллашарди Саид Аҳмад ака. – Ижодий ютуғингни “ювиш”га айтилганлар тўпланиб бўлдими?

Ҳамма гур этиб устознинг атрофига ўз даража ва мақомимизга яраша жойлашиб олардик. Ўн-ўн беш кишилик даврада кўпинча танқидчи Иброҳим Ғафуров, кейин Саид Аҳмад роман, қиссанинг кўз илғамас, нозик қирраларини чертиб-чертиб очиб беришардики, наздимда бундай “дабдабали” таърифу тавсифларни уларнинг ота-онаси ҳам ҳеч қачон айта олмаган бўларди.

- Болам, сани осмонга кўтариб қўйдим, буни асло зиёфатинг шарофатидан демагил, ўзинг тўғри одамсан, - дерди Саид Аҳмад ака дилбарлик билан. - Муҳими, рост сўзлаш ва рост ёзишдир. Э-ҳе, бизнинг бошимиз қанча ёлғончи-ю, туҳматчиларни кўрмади?! Гадонинг душмани гадо бўлар экан, укажон. Бир нарсага хурсандман: ўлигим бегона юртларда қолмади. Дўзах азобидан чиқиб келиб ҳам ёздим, ёзавердим. Сенга ҳам шуни маслаҳат бераман.

Бизнинг рўпарамизда ўтирган ҳурматли адиб, яъни СЯ - 928 рақамли собиқ “сиёсий маҳбус” беш йиллик сургундан сўнг, 1955 йилда юртига қайтиб келганини билардик. Аммо бу ҳақида ўзлари деярли гапирмасди. Бир гал севимли укахони, адибимиз Ўткир Ҳошимов атрофимизда кечаётган “ғаройибона” воқеалардан таъсирланиб, каттароқ романлар ёзмайсизми, деб сўрайди, шунда устоз: “ёзиш учун ҳаммасини юракдан ўтказиш, ҳис қилиш керак. Юрак кўтармайди, юрак тамом бўлган, укам, асаб чидамайди”, деб жавоб беради. Саид Аҳмад ака ҳозиржавоб, тўғрисўз, оқибатли, гапга чечан киши эди. Суҳбат ҳазил-мутойибага бой, шириндан шакар бўлиб, давра қурган маҳалда атрофи одамга тўлиб кетарди.

Ниҳоят, “тақдимот”имиз жиддийроқ кўриниш олиб, тандирдан узилган иссиқ нонлардек янги китоблар дастурхонга қўйиларди. Сўнг зиёфат бошланар, адабий гурунгда адабиёт, турмуш, давр қаҳрамони мавзуларигина эмас, яхшилик ва ёмонлик кўчасида учрагувчи ибратомуз воқеалар таҳлилу тадқиқдан ўтарди...

Адабиёт муаллимларининг бизга уқтирган шундай сабоқлари ўзлари битган китобдек анча кўламдор, маъноли бўлиб, буюк маэстро чалган оҳанг-у ўлмас қўшиқлар янглиғ қулоғимиз остида жаранглаб тураверарди.

Устоз билан иккинчи учрашувим ёзган асарларини ўқиб-ўрганиш асносида кечди. Адибнинг услуби шахсиятига, характерига жуда ўхшайди, деган гапда жон бор. Мисол учун, Абдулла Қодирий, Ойбек, Тоғай Муроднинг ички дунёси, фикрлаш тарзи, ҳатто сўзлаш услуби уларнинг ўлмас асарларига кўчганлигини замондошлари тасдиқлайди (“Адиб замондошлари хотирасида” номли туркум китобларни ўқисангиз, бунга гувоҳ бўласиз). Чамамда у ёқда мени иккита нарса қутқариб қолди. Биттаси ҳазил-ҳузилга ўчлигим. Юмор ҳиссининг кучлилиги. Иккинчиси шуки, жуда кам ухлайман. Доим тетик бўлишга ҳаракат қиламан”, дегувчи эди устоз бир гал қамоқдаги йилларини хўрсиниш билан эслаб.

“Саид Аҳмад баъзан китобхон кулавермаса, қитиқлаб кулдиради, йиғлайвермаса, кўзига пиёз суртиб йиғлатади”, дейди наср устаси, адибимиз Абдулла Қаҳҳор. Ростдан ҳам, Саид Аҳмад ижодида кулгининг кўлами бениҳоя кенг ва ранг-баранг. У ҳар гал танлаб олинган воқеанинг оқимига, қаҳрамонларнинг савиясига, ўзининг ниятига мос равишда кулгининг шаклларини қўллайди. “Чўл ҳикоялари” туркумида, “Келинлар қўзғолони” комедиясида, “Уфқ” трилогиясининг баъзи эпизодларида кулги орқали ўқувчининг туйғусига таъсир қилади. “Уфқ” трилогияси (1964-1974)да Иккинчи жаҳон урушининг оловли йилларида Катта Фарғона канали қурилиши мисолида халқимизнинг фронт орқасида кўрсатган меҳнат қаҳрамонлиги, меҳнаткашлиги, тўғрисўзлиги, метин иродасини ҳамда урушдан олдинги ва кейинги даврнинг муаммоларини устакорларча тасвирлайди. “Жимжитлик” (1988) романида собиқ иттифоқда анча йиллар ҳукм сурган турғунлик даври иллатларини фош этишга ҳаракат қилади.

Айниқса, юмористик маҳорати «Келинлар қўзғолони» (1976), «Куёв» (1986) комедияларида ёрқин намоён бўлди, десак янглишмаймиз. Биринчи асари минг мартадан кўпроқ намойиш этилди. Ҳатто ўнлаб давлатларнинг саҳналарини гулга тўлдирди. “Келинлар қўзғолони” спектаклида каттакон ўзбек оиласида қайнона ва келинлар ўртасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат қадриятларининг устунлиги (ғарб оиласи учун жумбоқнинг жумбоғи) моҳирона кўрсатилиб, ҳатто демократия ривож топган даврларда ҳам ўзбек урф-одатларини араб-авайлаш ғояси ётади. Унинг асарлари оҳанги, таровати, юмори ҳеч кимникига ўхшамайди. Қанийди, ҳар бир ёш адиб жўшқин ҳаётнинг ўзидан кулгини топиб, асарларига боплаб кўчирса ва ҳаммани қойил қолдирса, дегим келади.

Ҳаёт – муаллим, у ҳам ўргатади, ҳам кулдиради, ҳам йиғлатади. Саид Аҳмад бир марта тили куйганидан кейин, йирик полотнолар – романлар ёзиш йўлидан бормади, балки ўзи ишлаган “Муштум” журнали “одоб” таълимига суяниб, ҳаётдаги камчиликларни халқнинг назарига тушган миниатюралар театри орқали ҳажв остига олаверди. “Йўқотганларим ва топганларим” (1998), “Қоракўз мажнун” (2001), “Киприкда қолган тонг” (2003) каби китобларида бошидан ўтказган қора кунларни хотирлади. Мазкур асарлар ўзбек насрининг олтин хазинасидан ўрин эгаллади.

Халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, 2020 йилда бир асрлик ёши нишонланадиган Саид Аҳмад билан учинчи учрашувим Адиблар хиёбонида содир бўлди. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг куч-ғайрати ва ташаббуси билан Халқлар дўстлиги кўчасида очилган ушбу масканда Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова хотирасига ўрнатилган ҳайкал ҳам бор. Севиб-севилиб оила қуришга киришган, никоҳ куни (1949 йилнинг ноябри охири) Саидахоннниг ёлғиз укаси вафот этиб, базм сал кейинга қолдирилган, январь ойида эса туҳмат, алдов туфайли қўққисдан маҳкамага тортилиб, “тройка” (“особое совешание”) қарори билан халқ душмани сифатида 10 йилга ҳукм қилинган, Қозоғистонни Жесқозғони қаҳратон совуғида беш йил қамоқ муддатини ўтаб, онасининг Усмон Юсуповга шахсан ўзи топширган хати сабаб, озодликка чиқиб, яна шу одамнинг тавсиясига кўра, “Шарқ юлдузи” журналига ишга олиниб, елкасига офтоб теккан. Шу зайлда ҳаёти бир маромга тушиб кетиб, сабр-бардошини синаб, ажойиб роман, қиссаларни ёзишга киришган шахснинг матонати бугунги ўзбек ёшларига андаза бўлишга арзигулик. Бундан ҳам муҳими, юрт, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига қўшган ҳиссасини ҳисобга олиб, давлатимиз “Буюк хизматлари учун” ордени (1990), “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони (1999)га лойиқ кўрди. Агар Ўзбекистонимиз 1991 йилда мустақилликка эришмаганида ва ижод аҳлига бунчалик ҳурмат-эътибор берилмаганида, Саид Аҳмад ва бошқа ёзувчи-ю шоирлар ҳозиргидек иззат-икромга етишмаган бўларди.

Мен бугун яна хиёбонга, ҳайкалнинг ёнига келгач, озгина хаёлга берилдим. Икки заҳматкаш адиб, вафо-садоқат тимсоли, мураккаб тақдирли шахслар (Саида опа 51 ёшда, Саид Аҳмад ака 87 ёшда, яъни рафиқасининг вафотидан кейин 30 йил ўтиб вафот этган)нинг илҳақ-ла бир-бирига йўллаган мактублари, рафиқасининг кундалиги “Саид билан Саида” ҳужжатли фильми, “Сабр-у садоқат” 5 қисмли сериалини яратишга асос бўлиб хизмат қилганди (сценарий муаллифи - адибнинг қизи Нодира Ҳусанхўжаева). Севги, андиша, кечиримлилик, садоқат тараннум этилган мактубларни ҳаяжонсиз ўқиб бўлмасди. “Саид Аҳмад ака, тўғри, сочимда оқ толалар кўпайган. Тезроқ келмасангиз, бутунлай оқариб кетади. Унда нима қиламиз? Сочингизни бўянг, десангиз мен эпчилроқ ҳам эмасман. Яхшиси, тезроқ келинг. Баъзида ойим ҳазиллашади. “Агар шундай қилса, мен ҳам бир қийнайман, ўғлингизнинг ҳам сочи оқаради. Ундан кейин тенг бўламиз”, дейман. Саид Аҳмад ака, иложи бўлса хат ёзиб туринг. Мен ўша ердамисиз-йўқми, билолмаяпман. Жуда кўпдан хат йўқ...

Кўрпа-ёстиқ масаласи қалай? Кўрпангиз эскиб кетгандир.У ерда қанақа беради, билмайман. Керак бўлса ёзинг, бир илож қилиб юборарман. Ҳурмат билан, Саида. 1952 йил.

Олтин япроқларни тўзғитган кузнинг

Ойдинли тунида учрашдик икков.

Баҳор, майсалардан ғунча очган тонг,

Жудолик бағримга ташлади олов.

Расмингга қарайман, ғамгин ва маҳзун.

Кўзингда ёнади истиқбол нури

Биламан, кўксингда қайнайди ҳамон

Меҳру вафоларнинг кўрки, ғурури.

 Саид Аҳмад. Қамоқдан юборилган дилнома. Жезқозғон 3.I.53”.

Шу лаҳзаларда бир шогирд, китобхон сифатида учинчи учрашувдан ўзим учун топганларим, англаб етганларим олдингиларидан ўн чандон баланд эканини ҳис этдим. Давлатимиз раҳбарининг бу ажойиб ғояни амалга оширишида чуқур маънони англагандай бўлдим. Адабиёт яшаса – миллат яшайди! Адабиёт – миллатнинг кўнгли, у қаҳрамонлари сўзлари, далдалари ёрдамида қалбларга кириб боради, инсонни майда-чуйда ташвишлардан қутулиб, юқори манзилларни кўзлашга ундайди. Адабиёт инсонннинг оғриқлари, илоҳий оғриқлари. У инсонннинг ёруғ орзу-интилишларини қўллаб-қувватлайдиган, ўқувчига ҳаётбахш куч ато этувчи гўзал ҳиссиётлар! Наср (роман, қисса, ҳикоялар) миллат тафаккурини, шеърият туйғусини тарбиялайди (Хорхе Борхес). Демак, фуқаронинг маънавий-руҳий олами бойиса, ўзини англаса, фикрлай (фикрсизликдан худо асрасин) бошласа, ғайрати бирдан жўш уриб, тоғларни забт этишга чоғланса, ўзбек оиласида покиза муҳит яратилади, аҳиллик пайдо бўлади. Демак, жамиятга тоза руҳ киради, одамларда покланиш, тозариш учқунлари кўринади. Оврупога ўхшаб фаровон турмуш қуришга бел боғлайди, давлатнинг мақоми, нуфузи ҳам бирдан кўтарилади. Миллат юксалиш сари юз буради...

Ҳаёт мураккаб, тилсимли воқеаларга жуда бой. Саид Аҳмадга ўхшаган сабрли ва кучлиларни ёқтиради ҳаёт. Умр йўллари бошида қийин-қистовли кунлар бошлангани, сўнг кеча-ю кундуз тинимсиз ижод оғриқлари кўпайгани боис, фикри ожизимча, дарвешу ошиқона суҳбатларга тўймаган бу икки садоқатли рафиқнинг абадий суҳбатлар қуришига ниҳоят имкон туғилганидан хурсанд бўлдим.

Ва, уларнинг суҳбатига халал бермаслик учун оҳистагина хиёбондан узоқлаша бошладим.


Охирги ўзгариш вақти: 09/06/2020 09:27;   Кўрилганлиги: 325
 
Материал манзили: http://jomboymtb.uz/news/caid-ahmad-bilan-uch-uchrashuv
Чоп этилган вақт: 31/07/2021 10:53