Самарқанд вилояти Жомбой тумани
Мактабгача таълим бўлими

Жаҳон банки Ўзбекистонда мактабгача таълимни ривожлантиришга қарийб 74 млн доллар ажратади

2019 йилнинг 19 июлида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида Жаҳон банки билан қатор битимлар имзоланди. Ҳужжатлар Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда болаларнинг эрта ёшдан ривожланишни рағбатлантириш учун 73,85 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишни кўзда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Жамшид Қўчқоров ва мамлакатга расмий ташриф билан келган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер иштирокида кредит ва грант шартномалари имзоланди. Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ҳам иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистондаги қатор лойиҳалар учун жами 656,85 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит ва грант шартномаларини имзоладилар. Ундан 73,85 млн. АҚШ доллари қуйидагиларга асосан мактабгача таълимни ривожлантиришга йўналтирилади:

“Ўзбекистонда болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни рағбатлантириш" лойиҳаси учун - 59,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит шартномаси;

“Ўзбекистонда болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни рағбатлантириш" лойиҳаси бўйича грант шартномаси - 9,5 млн. АҚШ доллари;

“Ўзбекистонда болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни рағбатлантириш" лойиҳаси учун грант шартномаси - 4,85 млн. АҚШ доллари.

Ушбу маблағлар эрта ёшдаги болаларни парваришлаш ва таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, мактабгача таълим сифатини ошириш мақсадида қўлланилади ва қуйидаги компонентларни амалга ошириш учун йўналтирилади:

мактабгача таълим сифатини ошириш;

сифатли таълим муҳитини яхшилаш ва унинг оммабоплигини таъминлаш;

хусусий сектор билан шерикчилик;

таълим сифатини ўлчаш тизимини ташкил этиш;

лойиҳани амалга ошириш харажатлари.


Охирги ўзгариш вақти: 06/08/2019 07:04;   Кўрилганлиги: 238
 
Материал манзили: http://jomboymtb.uz/news/jahon-banki-ozbekistonda-maktabgacha-talimni-rivojlantirishga-qariyb-74-mln-dollar-ajratadi
Чоп этилган вақт: 06/06/2020 16:09