Самарқанд вилояти Жомбой тумани
Мактабгача таълим бўлими

Расмий муносабат

Бугун zarnews.uz сайтида "Қозондан “учиб кетган” парранда, фамилияси иккита болалар" сарлавҳали мақола чоп этилди.Унда туманимиздаги айрим мактабгача таълим ташкилотларидаги вазият танқид қилинади.

Ушбу ҳолатлар туман кенгаши депутатлари ташаббуси билан май-июнь ойларидаги  ўрганиш давомида аниқланганини қайд этиш жоиз. Шундан сўнг навбатдаги 30-сессияда муҳокама этилган. Қолаверса, туман мактабгача таълим бўлимининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам ҳолат танқидий таҳлил қилинган. Тартибсизликка йўл қўйган масъулларга чора кўрилган. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ режа ишлаб чиқилган. Мақолада тилга олинган муассасаларнинг кўпчилигида вазият ижобий томонга ўзгармоқда. Шундай бўлса-да, бир ойдан бери ушбу материал турли нашрларда қайта-қайта ёритиляпти.Мақолада тилга олинган 19-давлат мактабгача таълим ташкилоти 2019 йилда мукаммал таъмирланган. Ўйин майдончаси депутат К.Умарова ёзганидек, носоз ва фойдаланишга яроқсиз эмас. Бинонинг олд қисмида мавсумий гуллар экиш учун майдонча йўқ. Aммо кириш қисмида тувакли гул кўчатларидан иборат бурчак ташкил этилган.

Тилга олинган ташкилотларнинг барчаси деворий суратлар, эртак қаҳрамонлари ва ўсимликлар тасвири билан безатилган. Майдончалар бўйлаб макетлар мавжуд.

Фаолият юритаётган педагоглар тегишли малака талабларига жавоб беради. Мактабгача таълим вазирининг 2019 йил 30 августдаги 155-сон буйруғи асосида иш ҳужжатлари юритилиб борилган.

Тўғри, иш рисоладагидек ташкил этилган, деёлмаймиз. Жузъий камчиликлар мавжудлиги рост. Бунга йўл қўйган мутасаддилар интизомий жазога тортилди.

Тизимда ишни тартибли йўлга қўйиш учун журналистлар, блогерлар, депутат ва фаоллар билан ҳамкорлик қилишдан биз ҳам манфаатдормиз. Aммо камчиликларни бартараф этишга қаратилган хайрли ниятимиз кимнидир ёмонотлиқ қилиш, минглаб фидойи инсонлар меҳнат қилаётган бир соҳани аҳолига қора бўёқларда кўрсатишга уриниш бўлиб қолмаслиги керак.

Бу борада очиқ, шаффоф, конструктив ҳамкорлик қилишга ҳар доим тайёрмиз.

Туман мактабгача таълим бўлими.


Охирги ўзгариш вақти: 29/06/2021 16:03;   Кўрилганлиги: 131
 
Материал манзили: http://jomboymtb.uz/news/rasmiy-munosabat
Чоп этилган вақт: 17/10/2021 12:23