Самарқанд вилояти Жомбой тумани
Мактабгача таълим бўлими

Ширинкентда болалар мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олинди.

Президентимизнинг парламентга йўллаган бу йилги мурожаатномасида таълим тизими, айниқса, мактабгача ёшдаги болаларни тарбия билан қамраб олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 
Туманимизда ҳам мактабгача таълим ташкилотлари сони ва сифатини яхшилаш борасида амалий ишлар изчил давом этяпти. Яқинда Тут маҳалласида 17-ДМТТ фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар қилгандик. Бугун ширинкентликлар ана шундай қувончли воқеага гувоҳ бўлишди.
Янгитдан ишга тушган 19-мактабгача таълим ташкилоти қисқа фурсатда реконструкциядан чиқарилганини эътироф этса арзийди. 150 ўринга мўлжалланган бино 6 та машғулот, 6 та ётоқ, қисқа муддатли гуруҳ хоналари, шунингдек мусиқа ҳамда овқатланиш залини ўз ичига олган.

– Маҳаллада 3-7 ёшли болалар сони 316 нафарни ташкил этиб, ушбу муассасадан бошқа160 нафар болани қамраб олган 12-ДМТТ ҳам фаолият юритади. 200 ўринли янги боғча ишга тушиши билан ширинкентлик болажонлар тарбия билан тўлиқ қамраб олинди.
Муассасанинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари, фаоллар қатнашди. Вилоят ҳокими ўринбосари Г.Алимова ҳамда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев сўзга чиқиб, ёшлар учун яратилаётган шароитларга тўхталишди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, янги муассаса биносини қуриш ва таъмирлаш учун 2 миллиард 198 миллион сўм маблағ сарфланган.


Охирги ўзгариш вақти: 06/02/2020 11:36;   Кўрилганлиги: 17
 
Материал манзили: http://jomboymtb.uz/news/shirinkentda-bolalar-maktabgacha-talimga-toliq-qamrab-olindi
Чоп этилган вақт: 19/02/2020 22:47