Самарқанд вилояти Жомбой тумани
Мактабгача таълим бўлими

Ўзбек тилини ҳимоя қилган раис Нормамат Эсонтурдиев...

1

Бу ном ҳар бир Жомбойлик учун яхши таниш. Ҳеч бўлмаганда, ушбу шахс номи берилган ҳудудни эшитганмиз. Хўш, у киши ким бўлган, нега ҳаёт йўли, фаолияти ҳақида етарли маълумотга эга эмасмиз?

Жомбой маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида 1930 йилда ташкил этилган. Ўтган саксон йиллик тарих давомида мамлакатнинг бир бўлаги сифатида барча иқтисодий-ижтимоий, сиёсий жараёнларни бошидан кечирди. Бугунги 170 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган, саноат ва мева-сабзавотчилик тараққий этган Жомбой тумани ўз-ўзидан юзага келмаган. Бунда халқ орасидан етишиб чиққан фан, маданият, саноат, қишлоқ хўжалиги фидойиларининг ўрни беқиёс. Ана шундай меҳнат қаҳрамонларидан бири Нормамат Эсонтурдиев эди.

У кишини билган, шахсан таниш бўлган авлод бугун саксон ёшдан ошди. Хотираларда мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтган, фидойи, талабчан, иродали раҳбар, меҳрибон дўст ва оилапарвар инсон сифатида эслашади.

– Нормамат аканинг улуғ фазилати – ким бўлишидан қатъи назар, инсон эришган ютуқдан қувонар, қаердадир яхши тажриба бўлса, Жомбойга олиб келишга интиларди, – деб эслайди нафақадаги журналист Шокиржон Шералиев. – Айниқса, дўстлари, шогирдлари бир муваффақиятга эришса, жуда фахрланар, давраларда тўлиб-тошиб гапириб юрарди.

Дарҳақиқат, 1903 йилда Булунғур туманида туғилган Н.Эсонтурдиев самимий, камтарин инсон эди. Тўрт ёшида онасидан, ўн бир ёшида отасидан етим қолгач, қишлоқдаги бўз ерларда экин экиб, кун кўра бошлайди. Кейинчалик, колхозлар тузилишида меҳнат қилади. Халқни зиёли, маданиятли бўлишини орзу қилган инсон сифатида янги алифбо курслари ташкил этилишида фаол қатнашади.

1935 йилдан туман ижроия қўмитаси раиси сифатида иш бошлайди. Бу вазифада ўн тўққиз йил, жумладан Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам фидокорона меҳнат қилган.

Шокиржон Шералиевнинг хотирлашича, ўша йиллар туманда нафақат қишлоқ хўжалиги, балки маданият, аҳоли ижтимоий турмуш даражаси ҳам яхшиланган. Йўл, маданий иншоотлар, турар жой бинолари, шифохона, савдо шохобчалари бунёд этилган.

– 1963 йилнинг январи Нормамат ака учун синовли келди, – дейди Ш.Шералиев. – Уни вилоятдаги энг қолоқ хўжалик – собиқ “Октябрь” колхози (Ҳозирги Бешбола маҳалласи)га  раис этиб тайинлашди. Ўша даврда ҳудуд иқтисодиёти оғир аҳволда бўлиб, пахтадан олинган ҳосилдорлик паст, чорвачилик бутунлай орқага кетганди. Дастлабки йилда ғалла майдонларидан ҳосилдорлик 14 центнерга етди. Чорвачилик ҳам оёққа турди. Юқори натижага эришиб, фидойилик кўрсатаётган агроном, зоотехник, инженер, механизаторлар мунтазам рағбатлантириб борилди. Бу рақамлар тарих, аслида. Бугун Жомбой ва Булунғур давлат архивларида сақланаётган ушбу маълумотлар Нормамат Эсонтурдиевнинг шахсияти, раҳбарлик салоҳияти, билимдон ва жонкуяр инсон бўлганини исботлайди.

Ўйлашимизча, у кишининг яна бир хислати миллатпарварлигида бўлган. Биргина мисол. Туманга раҳбарлик қилган йилларда “Экономика кабинети” тузилмасини – “Иқтисодий марказ” деб қайта номлашга топшириқ беради. Совет мафкураси даврида бу катта жасорат эди.

Собиқ иттифоқда машҳур бўлган “Правда” газетасининг 1960 йил 31 май сонида салмоқли мақола чоп этилганди. “Самарқандда шаҳар типидаги посёлка қуришга киришилди. Замонавий, икки қаватли, барча қулайликларга эга бинолар – Бешбола посёлкаси қурилмоқда. Унга Нормамат Эсонтурдиев асос солди”, деб ёзилганди унда.

Ўзбкистонда хизмат кўрсатган пахтакор, “Меҳнат қаҳрамони”, “Ҳурмат белгиси” орденлари соҳиби Номамат Эсонтурдиев ана шундай инсон эди. Улар ҳақида бугун Жомбойликлар билиши, фахрланиши керак.


Охирги ўзгариш вақти: 11/06/2020 08:58;   Кўрилганлиги: 326
 
Материал манзили: http://jomboymtb.uz/ozbek-tilini-himoya-qilgan-rais-normamat-esonturdiev
Чоп этилган вақт: 17/10/2021 12:44